“Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш” мавзуида халқаро анжуман

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенати Раиси Танзила Норбоева Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида айтиб ўтилган асосий вазифалар, ҳудудлар манфаатларини таъминлаш, ислоҳотлар жойларга етиб боришини назорат қилиш, бу борада маҳаллий Кенгашлар фаоллигини ошириш бўйича фикрларини билдирди.

Халқаро анжуман мамлакатда ислоҳотлар жараёнини янада жадаллаштириш, таълим, фан, инновациялар ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш вазифаларини манзилли ҳал этиш жараёнида парламент самарадорлигини ва маҳаллий ҳокимият органлари фаоллигини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.

Иштирокчилар Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилди. Конференциянинг биринчи сессияси мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатидаги муҳим масалаларни ҳал этишда парламент ва ҳукумат вакиллик органларининг роли, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш масалаларига бағишланди.

Тадбирда сиёсий тизимни модернизациялаш шароитида парламент назорати самарадорлигини ошириш масаласи иштирокчилар диққат марказида бўлди. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан Олий Мажлис ўртасида самарали ҳамкорликни амалга ошириш учун маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ва экспертларидан иборат доимий фаолият олиб борувчи вилоят ҳокими томонидан тасдиқланадиган мониторинг гуруҳини тузиш, жорий йилги тасдиқланадиган Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг тадбирларини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро анжуманда сенаторлар, депутатлар, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик миссиялар, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар, етакчи консалтинг компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

19-02-2020

Добавить комментарий