Навоий шаҳридаги “Ёшларда ҳарбий–ватанпарварлик руҳини шакллантириш: муаммолар, ечимлар ва вазифалар” мавзусида илмий-амалий конференция

Унда сенаторлар, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди.

Навоий вилоят ҳокими, сенатор Қобил Турсунов тадбирни очар экан, ёшларимизга Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк саркардаларимизнинг мардлиги ва жасоратидан фахрланиш туйғусини сингдира олишимиз, уларда ишонч ва қатъият туйғуларини кучайтиришимиз лозимгини айтиб ўтди.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ўз маърузасида ёшларимиз онгу қалбини “ўргимчак одам”, “терминатор”, “Бэтман” каби сунъий қаҳрамонлар эгаллаб олмаслиги учун бой тарихимизни таъсирчан тарғиб қилиш усулларини топишимиз, буюк сиймоларимиз жасорати ҳақида кўплаб фильмлар яратишимиз зарурлигини таъкидлади. Бунда айниқса, мактабгача таълим муассасаларида аудио ва видео материаллар, визуал воситалар ҳамда замонавий дастурлар ва мобил иловалардан кўпроқ фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган, замон қаҳрамони образини мадҳ этган кино ҳамда театр асарларини яратиш, миллий армиямизга нисбатан ҳавас уйғотиш мақсадида ҳарбий округларга ёшларнинг мунтазам ташрифларини ташкил этиш мақсадга мувофиқлигига урғу берилди.

Шунингдек, анжуманда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Марказий ҳарбий округ олдида турган долзарб вазифалар, умумтаълим мактабларида ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига оид масалалар ҳам муҳокама этилди.

21-02-2020

Обсуждение закрыто.