“Ўзбекистонда оила масалаларини илмий-амалий тадқиқ этиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтида “Ўзбекистонда оила масалаларини илмий-амалий тадқиқ этиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Онлайн тарзда ташкил этилган ва мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртлари ва илмий муассасалари иштирок этган ушбу анжуманда “Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш”, “Ёшларни ижтимоий ҳаётга тайёрлашда оиланинг салоҳияти”, “Оилада ота-оналарнинг тарбияга оид компетенцияларини ривожлантириш масалалари”, “Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва оилада низоларни ҳал қилиш муаммолари”, “COVID-19 пандемиясининг оила институтига таъсири” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Айтилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлашга, жамият ҳаётидаги ўрнини янада оширишга жуда катта эътибор берилмоқда. Бунинг натижасида эса ижобий натижаларга эришилмоқда. Аммо шу билан бирга олдинда ҳали қилиниши керак бўлган вазифалар ҳам жуда кўп. Ўзбекистонда оила масалаларини илмий-амалий тадқиқ этиш ана шундай вазифалардан бири бўлиб, бу борадаги мавжуд муаммолардан келиб чиққан ҳолда ечимини топиш ҳам муҳимдир. Шу маънода, конференция дастуридан ўрин олган маърузалар оиланинг маънавий, тарбиявий, ижтимоий, психологик, ҳуқуқий, тиббий, демографик муаммоларига қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Қайд этиш жоизки, “Ўзбекистонда оила масалаларини илмий-амалий тадқиқ этиш: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги илмий-амалий конференцияга 160 дан зиёд мақолалар келиб тушди ва шу мақолалар асосида тўплам нашрга тайёрланди.

30-10-2020

Добавить комментарий