“Ижтимоий фикр” Марказининг «Наврўз тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри: тасаввурлар, умидлар, кайфиятлар» мавзусида телефон сўрови

Тадқиқотда республиканинг барча минтақалари аҳолиси, 18 ёш ва ундан катта ёшдаги эркак ва аёллар, шаҳарликлар ва қишлоқ аҳолиси, турли миллатлар ва аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари вакиллари, ҳар хил соҳа ва тармоқларда ишловчилар иштирок этдилар.

Олинган натижаларга мувофиқ, сўров ишттирокчилари Наврўзни яратувчилик ва эзгулик байрами, деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, Наврўз Ўзбекистон халқининг маънавий ва маданий ҳаётида катта роль ўйнайди, жамиятда, ҳар бир оилада тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга ёрдам беради, ўзида эзгулик ва инсонпарварлик, дўстлик ва ўзаро ёрдам ғояларини ифодалайди.

Телефон сўрови ўзбекистонликлар бу йил Наврўзни қандай нишонлашни режалаштираётганликларини ва улар байрамда айнан нималар қилмоқчи эканликларини аниқлади. 59,8% сўралган ўзбекистонликларнинг фикрича, улар байрам кунларини уйда, оила, қариндошлар ва дўстлар даврасида, дастурхон атрофида ўтказишади. Телефон сўровининг кўрсатишича, 17,3% фуқаролар бу кунни шаҳарда сайр қилиш, халқ сайилларида иштирок этиш, маданият ва истироҳат боғларига ташриф буюриш учун жуда мос, деб ҳисоблашади.

12,1% респондентларнинг ҳисоблашича, Наврўз – бу қўшимча дам олиш кунидир, ўша кунни ишдан дам олиш ҳамда қизиқарли телекўрсатувлар ва намойиш қилинадиган байрам концертларини кўриш билан ўтказиш мумкин.

Наврўз анъанавий равишда Ўзбекистоннинг барча минтақаларида халқ сайилларига, қўшиқ ва рақсларга, меҳмондорчиликларга уланиб кетувчи ҳамда ўзининг бетакрор урф-одатлари ва анъаналарига эга умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Телефон сўровининг кўрсатишича, 81,2% сўралган ўзбекистонликлар Наврўзнинг байрам қилиниши билан боғлиқ урф-одатлар ва анъаналарга риоя этишади, чунки муайян таомилларга риоя қилиш оиланинг барча аъзолари учун омад ва фаровонлик, сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат келтиради.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, 65,4% сўров иштирокчилари маҳаллада сумалак тайёрлаш бўйича ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этишларини айтишди, бу пайтда нафақат байрамнинг бош таоми тайёрланади, балки дўстлар, қўшнилар, қариндошлар билан мулоқот қилинади, бу яна қувонч ва бахтли онларни яқин кишилар билан баҳам кўриш, баҳор ва Наврўз муносабати билан биргаликда дилларни яшнатиш имкониятидир.

Телефон сўровида аниқланишича, 89,1% сўралган фуқаролар Наврўзни Ўзбекистон халқи ҳаётидаги муҳим ва аҳамиятга молик байрам, деб ҳисоблашади, чунки у келажакка янги умидлар ва ишонч ҳадя этади. “Марҳамат қилиб, айтинг-чи, нега Сиз учун Наврўз муҳим ва аҳамиятга молик байрам ҳисобланади?”, деган саволга жавобан ўзбекистонликлар Наврўзни ўзида баҳорнинг бошланишини, табиатнинг уйғониши ва янгиланишини ифодаловчи энг асосий ва севимли байрам сифатида белгиладилар.

21-03-2021

Обсуждение закрыто.