“Ўзбек миллий жанг санъати” номли китобни яратиш жараёнига оид илмий семинар

Қуролли Кучлар Академиясида буюк аждодларимизнинг бой ҳарбий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган тизимли тадқиқотлар ва “Ўзбек миллий жанг санъати” номли китобни яратиш жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида илмий семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси яратилаётган илмий асар юзасидан ўз тавсияларини бериб, тадқиқотларда цивилизацион-сулолавий ёндашув асосида, яъни ҳар бир сулоланинг жанг санъатини ривожланишига қўшган ҳиссасини халқчил тилда баён этиш лозимлигини, аниқ тарихий далилларни илмий талқинига алоҳида эътибор қаратишни таъкидлади. Шу билан бирга яратилган илмий-оммабоп китобни мамлакатимизнинг нуфузли тадқиқот институтлари томонидан тақризлашни амалга ошириш, бу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари асосида илмий семинарлар ва матбуот анжуманларини ташкил этиш, илмий мақолалар чоп этиш, миллий ҳарбий меросни ўрганишдек улкан ишда, хорижий мутахассислар, чет давлатлар музей ва архивларидан тарихий манбаларни келтириш борасида республикамизнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорлик қилиш тавсия этилди.

Қуролли Кучлар Академияси бошлиғининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, фалсафа фанлари доктори, профессор Рустам Самаров ижодий гуруҳ томонидан олиб борилаётган илмий изланишларнинг бирламчи натижалари тўғрисида тақдимот қилиб, “Ўзбек миллий жанг санъати” китобини яратишда “тўрт концепт” замонавий модели асосида миллий ҳарбий мерос намуналари ўрганилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Биринчи концепт: Туронда, Мовароуннаҳрда, Туркистонда ва Ўзбекистонда жанг санъатининг шаклланиши ва ривожланишини баён этиш тарзида.

Иккинчи концепт: Сулолавий ёндашув асосида, яъни ҳар бир сулоланинг жанг санъати ривожланишига қўшган ҳиссасини баён этиш тарзида.

Учинчи концепт: Шахсий-фаолиятли ёндашув асосида, яъни тарихий шахсларнинг ҳарбий саркардалик фаолияти, уларнинг жасоратлари намунасини (тактика ва стратегия контекстида) баён этиш тарзида.

Тўртинчи концепт: Тарихий-маданий ёндашув концепцияси асосида: ғалаба қозониш маҳорати, қурол-аслаҳаларни яратиш ва такомиллаштириш, қўшин тузиш – бу мудофаа тафаккурини ҳосиласи эканлигини баён этиш.

Буюк аждодларимизнинг бой ҳарбий меросини ўрганиб, миллий жанг санъати тарихини яратиш бизнинг давлатдорчилигимиз тарихини ҳарбий фаолият бобидаги жиҳатларини бойитиш учун хизмат қилади. Ҳарбий-илмий тадқиқот натижалари Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги тўйига муносиб совға бўлади ҳамда ҳарбий илм-фанни ривожлантириш, ҳарбий илмий мактабимизни яратишга қўшган салмоқли ҳиссамиз бўлади, деган умиддамиз.

23-03-2021

Обсуждение закрыто.