Самарқандда “Саҳиҳул Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари» мавзусидаги халқаро конференция

Имом Бухорий мажмуасида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Унда Туркия, Миср, Малайзия, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Германия, Россия, Қозоғистон каби хорижий давлатлардан қирққа яқин таниқли исломшунос, диншунос олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Конференция очилишида нуфузли хорижий экспертлар ва уламолар томонидан Имом Бухорий меросини ўрганишнинг аҳамияти, аллома асарларининг жаҳон фондларида сақланаётган нусхаларини тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борди.

Анжуман аввалида «Саҳиҳул Бухорий» асарининг нодир қўлёзма нусхалари ҳақида тақдимот намойиш этилди.

Иштирокчиларнинг «Саҳиҳул Бухорий» асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари», «Имом Бухорий илмий мероси ва ҳозирги замон», «Мовароуннаҳр уламоларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» мавзуларида илмий маърузалари тингланди.

Иштирокчилар атрофлича фикр-мулоҳаза алмашиб, истиқболда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу каби тадбирларни тизимли ташкил этиш эҳтиёжини алоҳида таъкидладилар. Бу борада Имом Бухорий марказининг халқаро майдонда етакчи илмий муассаса мақомига кўтарилганини қайд этдилар, деб хабар беради Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.

16-07-2021

Обсуждение закрыто.