“Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзуидаги Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси

12-13 август куни Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзуидаги Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилди.

Халқаро анжуман якунида Тошкент Ёшлар декларацияси қабул қилинди.

Тошкент Ёшлар декларацияси мухтасар муқаддима, хотима ва 5 та асосий қисмдан иборат.

Декларациянинг “Пандемия ва ёшлар”, “Ёшлар – Барқарор ривожланиш мақсадларининг “драйвер”и”, “Ёшларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имконияти”, “Ёшлар ва бандлик”, “Ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари” номли қисмларининг ҳар бирида ёшлар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган тегишли ташаббус, таклиф ҳамда тавсиялар қайд этилган.

Бутунжаҳон конференциясининг асосий ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобланади.

Ушбу нуфузли халқаро анжуман БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Ф.Эберт номидаги жамғарма билан ҳамкорликда ўтказилди.

Конференциянинг икки кунлик иши давомида 67 нафар маърузачи сўзга чиқди. Шундан 49 нафари хорижий экспертлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари ҳисобланади. Миллий маърузачилар 18 нафар бўлиб, 10 нафари ёшлардир.

Халқаро анжуманнинг 3 та ялпи ҳамда 3 та параллел сессияларида 30 дан ортиқ иштирокчи мунозараларда иштирок этди. Ушбу қизғин мунозара ва мушоҳадалар, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Конференция тафсилотлари 50 дан ортиқ миллий ва 30 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситасида ёритилди.

Халқаро анжуман иши ҳақида Интернет ва ижтимоий тармоқларда, хусусан, Telegram, Instagram, Facebook, Linkedin, Twitter, Vkontakte ва бошқа тармоқларда ҳам матнли, фото ва видео ахборотлар изчил эълон қилиб борилди.

Халқаро анжуманнинг иш жараёнлари Интернетнинг Ю-туб (youtube) канали орқали бевосита жонли эфирга узатилди.

13-08-2021

Добавить комментарий